КУРСЫ ВАЛЮТ
МБ Пахтабанк
харид сотув харид сотув
USD1361.121361.121368.001371.00
EUR1707.391707.391715.001720.00
батафсил маълумот ФИЛИАЛЫ Карта харитадан филиаллар манзилини топиш
ДЕНЕЖНЫЕ ПЕРЕВОДЫ Western Union

Coin Star

Контакт

    

2007 йилда “Пахта Банк” жаҳонга машҳур “The Banker” журнали ўтказадиган танлов натижасига кўра, Ўзбекистонда энг яхши банк деб эътироф этилди ва “Йил банки – 2007” сертификатига сазовор бўлди.         

    Банк хизматининг жаҳоншумул эътирофи                    

    Тарихдан маълумки, ҳамма замонларда, барча юртларда банк ва молия институтлари тизими иқтисодиётнинг қон томири сифатида давлатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга, халқ турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиб келган. Ҳозир ҳам шундай ва бундан кейин ҳам шундай давом этаверади. Зеро, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳнамолигида банк ва молия тизимини жаҳон андозалари талаблари даражасида такомиллаштириб боришга жиддий эътибор берилаётгани бежиз эмас.      

      Юртбошимиз Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, ўтган 2007 йил мамлакат иқтисодиётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган таркибий-ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва чуқурлаштириш йили бўлди. Жумладан, якунланган йил республиканинг энг йирик акциядорлик-тижорат банкларидан бири бўлган “Пахта Банк” фаолиятида ҳам катта из қолдирди.        

    Мамлакат Президентининг “Ўзбекистон Республикасида 2010 йилгача хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Тижорат банкларининг капиталлашув даражасини ошириш ва уларнинг иқтисодиётни модернизация қилиш ва инвестициявий жараёнлардаги иштирокини фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига жавобан “Пахта Банк” ўзининг таркибий-ташкилий тузилмасини такомиллаштириб, иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлади.        

     Бугунги кунда банкнинг жойлардаги Қорақалпоғистон республикаси 12 та минтақавий бошқармалари ва уларнинг таркибига кирувчи 186 та филиал, 703 та минибанк, 134 та махсус кассалари мижозларга кўрсатилаётган банк хизматлари турларини кўпайтириб, кўламини кенгайтириб, сифат жиҳатидан такомиллаштириб бормоқда.         Банкнинг 2007 йилдаги фаолияти якунлари ҳақида сўз юритилганда, унинг обрў ва нуфузи халқаро миқёсда ҳам кескин ошганлигини алоҳида қайд этиш жоиздир. Чунончи, “Пахта Банк” 2007 йилда мамлакатнинг тижорат банклари орасида биринчи бўлиб Fitch Ratings халқаро рейтинг компаниясининг “Барқарор” тоифасидаги тўлиқ рейтингини олишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга жаҳонга машҳур “The Banker” журнали ҳар йили ўтказадиган анъанавий танловда ғолиб чиқиб, Ўзбекистоннинг энг яхши банки сифатида эътироф этилди ва “Йил банки – 2007” сертификатига сазовор бўлади.        

     Эришилган бу ютуқлар замирида банк раҳбарияти, малакали мутахассислар ҳамда бутун жамоа аъзоларининг самарали меҳнати ётибди. Улар асосий эътиборни банкнинг ташкилий тузилмаси ва стратегиясини жаҳон андозалари даражасига кўтариш орқали молиявий барқарорликни таъминлаш, аҳоли ҳамда кенг жамоатчиликнинг банкка бўлган юксак ишончини янада оширишга қаратмоқдалар. Ҳозирги кунда “Пахта Банк” турли соҳаларда фаолият юритаётган барча мулк шаклидаги 201 мингдан зиёд юридик ва 277 мингдан кўпроқ жисмоний шахслардан иборат мижозларга мукаммал банк хизмати кўрсатмоқда.        

    Ўтган йили банк иқтисодиёт тармоқларига 795,4 миллиард сўм кредит ажратди. Бу 2006 йилдагига нисбатан қарийб 29,5 фоиз кўпдир. Жами кредит маблағларининг 463,7 миллиард сўми ёки 58,3 фоизи қишлоқ хўжалик корхоналари, 117,7 миллиард сўми моддий-техник таъминот соҳаларига йўналтирилди.        

    Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбари ва республика ҳукуматининг қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишни янада жадаллаштириш ва чуқурлаштиришга қаратилган қатор фармон в қарорлари ижросига амалий хисса қўшиш, аҳоли эҳтиёжи учун муҳим бўлган пахта ва ғалла етиштириш ҳаражатларини молиялаштириш, тизимда иш юритаётган қишлоқ хўжалик корхоналарини узоқ муддатли кредитлар бериш орқали қўллаб-қувватлаш Пахта Банкнинг 2007 йилги фаолиятида асосий устувор йўналиш бўлди. 

    Фермерларнинг банк ёрдамидан кўнгиллари тўқ         

    Мамлакат қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишнинг муҳим устувор йўналишларидан бири – тармоқнинг таркибий-ташкилий тузилмасини бозор иқтисодиёти муносабатлари асосида қайта қуриш вазифаси муваффақиятли якунланди.Жамоат мулки шаклидаги ширкат хўжаликлари аста-секин, босқичма-босқич тугатилиб, улар ўрнида юридик мақомга эга бўлган мустақил фермер хўжаликлари шаклланди. Қишлоқ хўжалиги тасарруфидаги барча экин майдонлари ҳақиқий эгалари, яъни фермерлар қўлига ўтиб, улар замонавий қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида асосий, ҳал қилувчи кучга айландилар.         Ана шу ўзгариш ва янгиланиш жараёнининг муваффақиятли кечишида тармоқнинг асосий молиявий таянчи бўлган Пахта Банкнинг хизмати беқиёс бўлди. Бугунги кунда банкнинг жойлардаги бўлинмалари хизматидан мукаммал фойдаланаётган фермер хўжаликлари 86 мингдан ошди. Уларнинг ярмидан кўпи пахтачилик ва ғаллачилик, қарийб 17 мингтаси сабзавотчилик ва боғдорчилик билан шуғулланмоқда.         

    Табиийки, банк асосий имтиёзли кредитларни пахта ва ғалла етиштириш мақсадларига йўналтиришга алоҳида эътибор қаратади.Чунончи, биргина ўтган йилнинг ўзида Молия вазирлиги қошидаги махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан пахта етиштириш учун 330,3 миллиард сўм, галла учун эса 58,3 миллиард, жами 388,6 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шуниси диққатга сазоворки, банк етарли миқдорда маблағ ажратиш билан кифояланиб қолмай, унинг фақат белгиланган мақсадлар учун ишлатилиши устидан қатий мониторинг олиб боради. Натижада бу маблағлар кутилган самарани бериш билан бирга пировардида тўла қайтарилмоқда. Масалан, 2007 йилда пахтачилик ва ғаллачилик тармоқларига йўналтирилган имтиёзли кредитлар тўлиқ қайтариб берилди.        

     Шунингдек, қишлоқ хўжалик корхоналарига кундалик ишлаб чиқариш фаолиятлари билан боғлиқ мақсадлар учун банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан узоқ муддатли кредитлар ажратиш, жумладан, уларни қишлоқ хўжалик техникалари ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлашни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Ҳисобот йилида қишлоқ хўжалик корхоналарига қарийб 66 миллиард сўм шундай кредит ажратилиб, унинг 12,5 миллиард сўми 108 та дон комбайнлари, 10,7 миллиард сўми 459 та ҳайдов тракторлари, 16,8 млрд. сўми 897 та чопиқ тракторлари, 7,5 млрд. сўми бошқа техника, турли хил тиркама ва эҳтиёт қисмлар харид қилиш, 9,2 млрд. сўми чорва моллари сотиб олиш, яна шунча сўм маблағ сув насослари, уруғлик картошка ва бошқа мақсадлар учун сарфланди.  

    Таъкидлаш жоизки, Пахта Банк кейинги йилларда ўз мижозлари бўлган барча фермер ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналарини замонавий янги техника воситалари билан етарли даражада таъминлашга молиявий кўмаклашиш учун бор имкониятларни ишга солмоқда. Жумладан, ўтган йили юқоридаги мақсадлар учун ажратилган 66 млрд. сўм 2006 йилдагидан 45 млрд. сўм ёки уч баравардан зиёд кўпдир.Маълумки, мустақилликка эришилиб, ҳамма соҳаларда туб ислоҳот бошланиб кетган кезларда қишлоқ мулкдори мақомини олиб, илк қадам ташлаган фермерларга «ислоҳот қалдирғочлари” дея таъриф берилган эди. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, улар қишлоқ хўжалик тармоғининг залворли юкини ўз елкасига олган етакчи кучга айландилар. Шу боис давлатимиз раҳбари ҳамда республика ҳукумати фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, кенг имконият ва имтиёзлар яратиб бермоқда. Ўтган йили ташкил этилган “Аgrominitech Еxpo-2007” кўргазма-савдо ҳам шу мақсадга қаратилган эди. Бу муҳим тадбир кутилганидан ҳам зиёда самаралар берди. Пахта Банк мижозлари бўлган кўплаб фермерлар ушбу кўргазма-савдода фаол иштирок этиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш минитехнологияларини олиб келиш юзасидан шартномаларни имзоладилар. Аммо бу шартномаларни банкнинг молиявий кўмагисиз амалга ошириш қийин, албатта. Шуни ҳисобга олиб, Пахта Банк мутахассислари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳи юқоридаги лойиҳаларни ўрганиб чиқди ва молиялаш учун лаёқатли деб топилганлари маблағ билан таъминланди. Янада аниқ қилиб айтиладиган бўлса, ҳозирги кунгача кўргазма-савдо жараёнида   фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш (мева-сабзавотларни қуритиш ва қадоқлаш, сутни қайта ишлаш ва ҳоказо) мақсадида ишлаб чиқилган 99 та лойиҳани молиялаштиришга 672,4 млн. сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Республика Президентининг 2007 йил 12 июлда эълон қилинган  “Банкларнинг капиталлашувини янада ошириш ва иқтисодиётни модернизациялашдаги инвестиция жараёнларида уларнинг иштирокини фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муносабати билан тижорат банкларининг инвестиция жараёнларида фаол қатнашиш имкониятлари янада кенгайди. Пахта Банк  давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ижросига узоқни кўзлаб, ўзига хос тарзда ёндашди. Эндиликда банк мева-сабзавот ҳамда чорвачилик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаб,  тайёр маҳсулотга айлантиришга мўлжалланган муҳим инвестиция лойиҳаларини ҳар томонлама ўрганиб, танлаб олиб, уларни лозим даражада молиялаштирмоқда.  Ҳисобот йилида банк яна бир муҳим масалага алоҳида ёндашди. Қишлоқ хўжалигини кенг кўламда молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида чет эл кредит йўналишлари ушбу жараёнга фаол жалб этилди. Чунончи, 2007 йилнинг инвестиция дастури доирасида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг “Қишлоқ хўжалик корхоналарини қўллаб-қувватлаш”, Осиё тараққиёт банкининг “Дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш” ва “Аму-Занг машина канали тизимини тиклаш” лойиҳалари иштирокида қишлоқ хўжалик корхоналари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларга кредитлар ажратилмоқда. Жумладан, республика Молия вазирлиги, ижрочи Агентликлар ҳамда Пахта Банк ўртасида тузилган 25 млн. 681 минг АҚШ долларилик қайта кредитлаш шартномаларига асосан ҳисобот даврида 5 млн. 525 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди. Кредит олган 193 мижоз жами 327 та қишлоқ хўжалик техникаси ва агрегатлари, шу жумладан, Германиянинг Класс компанияси ишлаб чиқарган 7 та   Доминатор-130 русумли дон комбайни ва 7 та ХИТАЧИ япон экскаваторларини   харид қилишди.Бундан ташқари Пахта Банк 2008 йилга мўлжалланган инвестиция дастурининг ижросига салмоқли ҳисса қўшиш мақсадида йил давомида жами 2 млн. 979 минг АҚШ доллари, жумладан Осиё тараққиёт банкининг “Дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш” лойиҳаси бўйича 1 млн. 974 минг ва “Аму-Занг машина канали тизимини тиклаш” лойиҳаси бўйича 1 млн. 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ўзлаштиришни режалаштирмоқда.Пахта Банк давлатимиз раҳбарининг “Мева-сабзавотчилик  ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқиб, изчил амалга оширмоқда. Хусусан, бугунги кунда 109  та агрофирма ташкил этилиб, уларга хизмат кўрсатиш учун банкнинг жойлардаги филиалларида ҳисоб рақамлари очилди. Ҳозир уларга ўзаро тузилган шартномалар асосида мукаммал банк хизмати кўрсатилмоқда. Масалан, агрофирмаларга ўз ишлаб чиқаришларини ташкиллаштириш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлаш учун 2007 йил давомида ажратилган кредит қолдиғи 2 млрд. 412 млн. сўмни, ускуналар сотиб олиш учун берилган кредитлар қолдиғи 241 млн. сўмни ташкил этди.«Uzbekistan Agrominitech Expo-2007» иккинчи халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдо жараёнида тузилган шартномалар асосида замонавий минитехнологиялар ва асбоб-ускуналар харид  қилиш мақсадида режа қиймати 527,5 млн. сўмлик 30 та лойиҳа бўйича ташаббускорлар билан шартномалар имзоланди.  Банк ажратган кредитлар ҳисобига янги, замонавий ускуналар ўрнатилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, 180 та янги иш ўринларини очишга, натижада маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салмоғини оширишга эришилди.

   Ҳам миллий, ҳам хорижий валютада 

   Халқ хўжалигининг, беистисно, барча тармоқларида ишлаб чиқаришни кенг кўламда ва жадал ривожлантириш, иқтисодий салоҳиятни юксалтириш ва янада мустаҳкамлаш, халқ турмуш фаровонлигини оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳал қилувчи асосий куч эканлиги кейинги йилларда изчил тараққиёт йўлидан бораётган қатор мамлакатлар мисолида яққол намоён бўлди. Зеро, бизнинг мамлакатда ҳам мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу соҳаларда фаолият бошлашга жазм этганларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратиш, турли имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Мамлакат келажагини ўйлаб амалга оширила бошланган ушбу ҳайрли ишларнинг тез фурсатда кенг кўламда авж олишида, одатдагидек, тижорат банклари ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқдилар. Хусусан, Пахта Банк мавжуд маблағларни иқтисодиётнинг реал секторлари, яъни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кўпроқ йўналтиришга ва шу орқали  аҳоли учун зарур бўлган истеъмол моллари ишлаб чиқарувчи минитехнологияларни сотиб олиш, маҳсулот ва хизматлар турини  кўпайтириш, аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш фаолиятига устуворлик берди. Бундай йўналиш тез орада ўз самарасини кўрсатди.  Биргина 2007 йилнинг ўзида кичик бизнес субъектлари 3084 тага кўпайиб, жами 114 минг 886 тага етди. Уларга йил давомида банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан режадаги 17 млрд. 842,9 млн. сўм ўрнига амалда 30 млрд. 232,7 млн. сўм кредит ажратилди ёки режа 169 фоиз қилиб бажарилди. Ҳисобот йилида кичик бизнес субъектларининг 18 мингдан зиёд лойиҳасини молиялаштиришга 41 млрд. 477,8 млн. сўм кредит берилди. Уларга барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан ажратилган кредитларнинг умумий миқдори 2007 йил бошидагига нисбатан 47 фоизга ўсди. Шунингдек, 2007 йил фермер хўжаликлари ҳамда кичик бизнес субъектларига  ажратилаётган микрокредитлар ҳажмининг кескин ошганлиги билан ҳам алоҳида из қолдирди. Яъни берилган микрокредитлар 2007 йил 31 декабрь ҳолатига 29 млрд. 751,7 млн. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йил бошидагига  нисбатан 54 фоиз кўпдир.Банк филиалларининг жойлардаги тадбиркор ва кичик бизнес корхоналарига ажратган кредитлари ҳисобига очилган янги иш ўринлари ўтган йил давомида  26 минг 133 тага кўпайди ёки аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 4666 тага ўсди. Банк кредитлари ҳисобига ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажми 20 млрд. 990 млн. сўмга кўпайди.Пахта Банк Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Ўтган йили банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 9 млрд. 874 млн. сўм, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан 3 млрд. 562 млн. сўм,  жами 13 млрд. 436 млн. сўм  кредит ажратилиб, белгиланган кўрсаткич 46  фоиз ортиғи билан бажарилди.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3434-сонли Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги 299-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида республикада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Пахта Банк тизимида 12761 та тадбиркор аёллар ҳисоб рақамини очиб фаолият юритиб келмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш бўйича жами 2007 йил давомида 9894 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.Эътироф этиш керакки, кичик бизнес корхоналари ўз ишлаб чиқаришларини жадал ривожлантириб ва такомиллаштириб, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва кучайтиришга катта ҳисса қўшишлари мумкин. Шуни ҳисобга олиб,  Пахта Банк кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини халқаро молия институтлари кредит йўналишлари ҳисобидан маблағ билан таъминлаш ҳамда уларнинг импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларини молиялаштиришни янада кучайтирди.  Масалан, Германиянинг КФВ банки кредит йўналишининг 4,2 млн. евро миқдоридаги маблағи тўлиқ ўзлаштирилиб, 6 та лойиҳа, Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредит йўналишининг 11,8 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилиб, 17 та ҳамда Осиё тараққиёт банки кредит йўналишининг 14,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағи  ўзлаштирилиб, жами 17 та лойиҳа молиялаштирилди. Республика Президенти ҳамда ҳукуматининг кичик бизнес ривожини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан белгилаб берган устувор йўналишларига асосланган ҳолда банк ўтган ҳисобот йилида ўз валюта маблағлари ҳисобидан иқтисодиётнинг ушбу реал секторини техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш орқали экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга молиявий ёрдамни кучайтириш мақсадида модернизацияга йўналтирилган кредитлар миқдорини оширди.  Хусусан, “Бухоро Гилам” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасининг йилига 1,2 млн. кв.м. экспортбоп гилам маҳсулотлари  ишлаб чиқарувчи, шунингдек, «Тўхтаниёз ота» фермер хўжалигининг маҳаллий хом ашёдан импорт ўрнини босувчи макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳаларини тегишлича, 1,2 млн. ва 103,6 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит билан таъминланди.          Германиянинг Ландес ҳамда Хипоферайнс банклари билан битим тузилиб, «Ройсон вайт гудс» қўшма корхонасининг экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи кир ювиш машиналари ҳамда музлаткичлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаси учун Хипоферайнс банкининг кредит йўналиши ҳисобидан 3 миллион евро миқдорида маблағ ажратилди.        

     Кичик безнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг банк томонидан хорижий кредит йўналишлари ва ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган инвестиция лойиҳалари 51 тага етди ҳамда уларда 2007 йил давомида 10,1 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Энг муҳими, 1654 та янги иш ўринлари очилди.        

   Ипотека ва истеъмол кредити аҳоли учун айни муддао         

   2007 йилда Пахта Банк Ўзбекистон Республикасининг “Ипотека тўғрисида”ги Қонуни, давлатимиз раҳбарининг “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ аниқ мақсадларга қаратилган малакали банк хизматларини амалга оширди. Банкнинг жойлардаги филиаллари томонидан ҳисобот йилида режада белгиланган 16,2 миллиард сўм ўрнига амалда 20 миллиард сўмдан зиёд истеъмол кредити берилди.        

    Республика Президентининг қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий ҳимоя йили” давлат дастури доирасида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун 2007 йил август-декабрь ойларида 6 миллиард 84 миллион сўм кредит ажратилиб, белгиланган режа 25 фоиз ортиғи билан бажарилди. Аҳолининг шинам уй-жойларга бўлган талаб-эҳтиёжларини мумкин қадар тўлароқ таъминлашни кўзлаб, 102 нафар қарз олувчига 2 миллиард 142,2 миллион сўм кредит ажратилди.        

    Шу жумладан, республика Адлия вазирлигида рўйхатга олинган ва Марказий банк бошқаруви қарори билан тасдиқланган “Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга имтиёзли асосда кредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомига мувофиқ 47 та ёш оилага 1 миллиард 85,5 миллион сўм кредит берилди.          

     Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 2007 йил давомида 4 миллиард 125 миллион сўм миқдорида микрокредитлар ажратиш режалаштирилган эди. Амалда эса, 5 миллиард 562,9 миллион сўм берилиб, режа қарийб 135 фоиз қилиб бажарилди.        

    Тижорат банкининг асосий вазифаси аҳоли барча қатламларига хизмат қилиш экан, аввало, уларнинг мустаҳкам ишончини қозониши ва бу ишончни ҳар томонлама оқламоғи лозим. Бунинг учун у халқ орасига тобора чуқурроқ кириб бориши, бошқача қилиб айтганда, ўз шохобчалари тизимини кенгайтириши ва аҳоли истиқомат қиладиган жойларига яқинлаштириши зарур. Пахта Банк айнан шу йўлдан бориб, бугунги кунда минибанкларни 703 тага, махсус кассаларини эса, 134 тага етказди.        

    Ҳозирги кунда 703 та минибанк 58 минг 333 мижозга хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг 50 минг 598 таси фермер хўжаликлари ва 1306 таси кичик бизнес корхоналаридир.        

    Минибанкларнинг фойдали жиҳатларидан бири шуки, улар аҳолининг коммунал хизматлар учун тўловларини қабул қилади, бўш пул маблағларини эса банк омонатларига жалб этади ва шу орқали пулнинг банклардан ташқари айланишини камайтиришга катта ёрдам беради. Масалан, ўтган ҳисобот йилида минибанклар томонидан жами 77 миллиард 292 миллион сўм нақд пул банк кассаларига жалб этилган бўлса, шундан 9 миллиард 111 миллион сўми коммунал тўловлар, 17 миллиард 894 миллион сўми аҳолидан жалб этилган омонатлардир.        

     Банкнинг махсус кассалари 2007 йил давомида электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ ва бошқа коммунал хизматлар учун тўловлардан жами 21,9 миллиард сўм нақд пул туширди.        

   Банк омонатлари ва пластик карточка – даромад манбаи        

    Пахта Банк ўзининг бутун фаолияти давомида изчил ва жиддий эътибор бериб келаётган устувор хизмат турларидан бири аҳолининг бўш пул маблағларини банк депозитларига тобора кўпроқ жалб этишдир. Ҳисобот йили давомида шу мақсадларда 17 та янги муддатли ва жамғарма омонат турлари жорий этилди. “Ифтихор”, “Нуроний”, “Совға”, “Мурувват”, “Сармоя”, “Капитал”, “Даромад” каби амалдаги муддатли ҳамда жамғарма омонатлар юзасидан олиб борилган тарғибот ишлари натижасида банк омонатлари қолдиғи 2007 йилнинг 31 декабри ҳолатига ҳисобот йили бошидагига нисбатан 42,8 фоизга ўсди.         Бу йўналишда олиб борилаётган изчил фаолият Пахта Банкнинг республика депозит бозоридаги ўз ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлашига, шунингдек, молия бозоридаги мавжуд молиявий  воситалар турларини кўпайтиришига ва банк таклиф этаётган хизматлар доирасини кенгайтиришига замин яратди.         Мамлакатимиз Раҳбари томонидан шу йил 20 февраль куни имзоланган Тижорат банкларида аҳоли омонатлари шартларини либераллаштириш хамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида ” ги Фармони фуқароларнинг банк тизимига ишончини мустаҳкамлаш, ҳоли турган пул маблағларини иқтисодиётнинг реал секторига жалб қилишга қаратилган бўлиб, ушбу фармон ижроси бўйича ҳам банк томондан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ушбу Фармонда белгилаб берилган имтиёзлар ҳақида, умуман олганда мазмун моҳиятини аҳоли эътиборига етказиш мақсадида жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда ҳамда сениарлар ва учрашувлар ташкил қилинмоқда.        

     Пахта Банкда айни кунларда фармон ижроси юзасидан келиб чиққан ҳолда аҳолига миллий валютамизда қабул қилинадиган “Эгасининг номи кўрсатилмаган”, “Баҳор айеми”, “Умид ниҳоллари” ҳамда хорижий валютада қабул қилинадиган “Тақдим этувчига” каби омонат турларини таклиф этишмоқда.                  

     Мижозларга ҳар томонлама қулайлик яратадиган банк хизмат турларидан бири турли тўловлар ва бошқа ҳисоб-китобларни нақд пулсиз, яъни пластик карточкалар орқали амалга оширишдир. Ушбу янги тизимни кенг ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида ўтган йили сезиларли силжишга эришилди. 2007 йилнинг 31 декабри ҳолатига мижозлар ўртасида 615 минг 273 та пластик карточкалар жойлаштирилди. Ҳисобот йилида пластик карточкаларга 122,3 миллиард сўм маблағ жалб этилди. Шу кунга қадар жойларда 20 та банкомат ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида 2506 та терминал ўрнатилди. Улар орқали амалга оширилган жами маблағ айланмаси 85,1 миллиард сўмга етиб, шундан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар 44,1 миллиард сўмни ташкил этди.        

    Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, пластик карточкалар орқали нақд пулсиз тўлов тизимини янада кенг ривожлантириш мақсадида банк филиаллари томонидан терминаллар ўрнатилган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида дисконт ҳамда бонус лойиҳалари жорий этилди.        

     2007 йил Ижтимоий ҳимоя йили бўлганлиги муносабати билан аҳолининг муайян қатламлари учун имтиёзли пластик карточкалар муомалага чиқарилди. Бунда ёш оилалар ва талабалар учун алоҳида пластик карточкалар чиқарилиб, уларда қўшимча имтиёзлар назарда тутилди.        

     2008 йилда пластик карточкалар билан ишловчи DUET ва NCI дастурларини бир-бирига боғлаш дастурини барча филиалларда татбиқ этиш, DUET дастурида бўлган барча операцияларни инсон иштирокисиз автомат тарзда NCI дастурига бериш режалаштирилган. Бундан ташқари терминаллар орқали нақд пулсиз операцияларни 30 фоизга, пластик карточкаларга ўтказиладиган маблағларни 50 фоизга кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

   Молия бозорининг фаол иштирокчиси

   Пахта Банк республика қимматли қоғозлар бозорида ўзига мос ўрин ва нуфузга эга. Ушбу бозор шакллана бошлаган дастлабки даврлардаёқ энг йирик ва иқтисодий салоҳиятли тижорат банкларидан бири сифатида молия бозорининг энг катта бўғинида фаол иштирок этмоқда.         Республикадаги ички инвестиция, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш жараёнларидаги кенг иштироки банкнинг капиталлашув даражасини барқарор ошириб бориш ва қимматли қоғозлар бозорини янада такомиллаштириш учун катта имкониятлар яратмоқда. 2007 йил 31 декабрь ҳолатига банкнинг жами қимматли қоғозларга инвестиция портфели 7 миллиард 159,7 миллион сўмни ташкил этди. Корпоратив акцияларга йўналтирилган инвестициялар миқдори 5 миллиард 830,6 миллион сўмни ташкил этиб, ҳисобот йилида 33 фоизга ўсди.       

     Мамлакат Президентининг “Банкларнинг капиталлашувини янада ошириш ва иқтисодиётни модернизациялашдаги инвестиция жараёнларида уларнинг иштирокини фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган устувор вазифаларни оғишмай бажариш ҳамда банк капитали ва ресурс базасини янада кўпайтириш мақсадида банк акциядорларининг 2007 йил 17 октябрда ўтказилган навбатдан ташқари Умумий йиғилишида банкнинг эълон қилинган устав капитали 100 миллиард сўмни ташкил этиши тўғрисида қарор қабул қилинди.        

     Пахта Банк акциядорлари 2007 йил давомида 8973 нафарга кўпайиб, 87 минг 43 тага етди. Уларнинг 20 минг 628 нафари юридик ва 66 минг 415 нафари жисмоний шахс ҳамда хусусий тадбиркорлардир.        

   2007 йилда “Тошкент” республика фонд биржаси савдоларида банкнинг 001-брокерлик идораси фаол иштирок этиб, банк акциялари билан 6 миллиард 840 миллион сўмлик олди-сотди битимларини амалга оширди ва битимлар ҳажмининг аввалги йилдагига нисбатан 6 миллиард 800 миллион сўмга кўпайишини таъминлади.         Қимматли қоғозлар бозоридаги брокерлик хизматларидан ташқари банк ўзининг шўъба корхонаси “Paxta-Servis” депозитарийси орқали депозитар ҳамда акциядорлар реестрини юритиш ва қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари битимларни рўйхатдан ўтказиш бўйича малакали хизмат кўрсатмоқда. “Paxta-Servis” депозитарийсида 59 та эмитентнинг 25,4 миллиард сўмлик қимматли қоғозлари сақланмоқда ҳамда акциядорлик жамиятларининг реестри юритилмоқда.        

     Хулоса қилиб айтганда, мамлакатнинг энг йирик тижорат банкларидан бири бўлган Пахта Банк сўнгги йилларда барқарор ривожланиб бораётган молия бозорида  ўзининг иқтисодй салоҳиятини тобора мустаҳкамлаб, республика халқ хўжалиги, айниқса, унинг асосий тармоғи бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таркибий-ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва чуқурлаштиришга салмоқли ҳисса қўшиш мақсадида мавжуд барча куч ва имкониятларни ишга солмоқда. 

Пахта Банк матбуот хизмати.



Мени қизиқтирган савол
Менинг саволим
Менинг қайта алоқа манзилим