| МБ | Пахтабанк | |||
|---|---|---|---|---|
| харид | сотув | харид | сотув | |
| USD | 1330.00 | 1330.00 | 1341.00 | 1343.00 |
| EUR | 1928.90 | 1928.90 | 1935.00 | 1940.00 |
харитадан филиаллар манзилини топиш



Ўтган давр мобайнида Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистонда банк тизимини замон талабларига қараб ўзгартириш ва такомиллаштириш борасида улкан миқёсдаги ислоҳот ишлари амалга оширилди.
Бугунга келиб Ватанимизда сўзнинг том маъносида ¬халқаро андозалар даражасида иш юритаётган банк ва молия тизими вужудга келди ҳамда улар мамлакатимизда бунёдкорликни, ободонлик ва халқ фаровонлигини ривожлантиришга фидокорлик билан хизмат қилмоқда.
Ўзбекистондаги банк ва молия тизимининг ютуқлари ҳозирги кунда халқаро доирада ҳам эътироф этилмоқда. Чунончи, Халқаро Валюта фонди миссияси яқинда мамлакатимизнинг банк тизимида таркибий ислоҳотларни бос¬қичма-босқич амалга ошириш изчил давом этаётганлигига, банкларнинг капиталлашув даражасини ошириб бориш орқали тизимнинг барқарорлиги таъминланаётганлигига юқори баҳо берди.
Республика банк-молия соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кўламини кенгайтиришга доимо эътибор кўрсатиб келинмоқда.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида 2010 йилгача хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2007 йил 21 майдаги ҳамда “Тижорат банкларининг капиталлашув даражасини ошириш ва уларнинг иқтисодиётни модернизациялашдаги инвестициявий жараёнларда иштирокини фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2007 йил 12 июлдаги қарорлари банк тизимини янада ривожлантиришда дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Ушбу муҳим давлат ҳужжатларида мамлакатимизда молиявий барқарорликни таъминлаш, тижорат банкларининг капиталлашуви даражасини янада ошириш ва уларнинг эркинлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз миқёсида банк-молия тизимини ривожлантиришга жиддий аҳамият қаратилаётганлиги, пировардида, ўз самарасини ҳам бермоқда. Буни республикамизнинг йирик тижорат банкларидан бири бўлган Пахта Банк фаолияти мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда ушбу банк мамлакат халқ хўжалигида ҳамда унинг таркибий бир бўғини бўлмиш қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва чуқурлаштириш ишига катта ҳисса қўшиб келяпти.
Пахта Банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги 12 та бошқармаси, 186 та филиали, 704 та минибанки ва 145 та махсус кассаларида мижозларга хизмат кўрсатиш кўлами тобора кенгайтирилиб, сифат жиҳатдан такомиллаштирилиб борилмоқда.
Банк ўз ресурс базасини ошириш билан бир қаторда, республикада фаолият кўрсатаётган бюджетдан ташқари жамғармалар ва жаҳон молиявий институтлари билан яқиндан алоқа ўрнатиб, уларнинг маблағларини банкка жалб этган ҳолда, иқтисодиётимизнинг устувор йўналишларини молиялашни тобора кенгайтираяпти.
Пахта Банкнинг халқаро нуфузи ортаётганидан яна шу нарса далолат берадики, 2007 йилда ушбу банк мамлакатимиз тижорат банклари орасида биринчи бўлиб Fitch Ratings халқаро рейтинг компаниясининг “Барқарор” тоифасидаги тўлиқ рейтингини олишга муваффак бўлди. Шу билан бирга, жаҳонга машҳур “Tne Banker” журнали ҳар йили ўтказадиган танловда Ўзбекистоннинг энг яхши банки деб эътироф этилиб, “Йил банки
— 2007” сертификатига муносиб топилди.
Шу ўринда айтадиган бўлсак, МДҲ даги баъзи давлатларнинг тижорат банклари рейтингларида пасайиш юз бераётган бир пайтда республикамиз банк тизимининг, жумладан, Пахта Банкнинг юқори обру-эътибор топаётганлиги, ¬¬шак-шубҳасиз, мамлакатимиз банк-молия тизимидаги оқи¬лона ислоҳотларнинг қувонарли самарасидир.
Қишлоқдаги ислоҳотлар камарбастаси
Пахта Банк мамлакат қишлоқ хўжалигида иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид Президентимиз ғояларининг ижросини таъминлаш, жумладан, қишлоқларимизда кенг қулоч ёйган фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш соҳасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда.
Бугунги кунда республикамизда Пахта Банк хизматидан фойдаланиб келаётган фермер хўжаликлари сони 86 мингдан ошди. Шу хўжаликлардан 63465 таси пахта ва Қалла етиштириш билан шуҚулланади.
Аммо бундан, Пахта Банк қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларига эътибор қаратмаяпти, деган хулосани чиқаришга шошилмайлик. Ушбу банк қишлоқларимизда мева-сабзавот ва чорвачиликнинг равнақ топишига ҳам салмоқли даражаларда ўз кредитларини ажратаяпти.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг «Тижорат банкларининг капиталлашув даражасини ошириш ва уларнинг иқтисодиётни модернизациялашдаги инвестициявий жараёнларда иштирокини фаол¬лаштириш чора-тадбирлари тўғр謬сида”ги (2007 йил 12 июль) қарорига яна бир бор мурожаат қиламиз. Сабаби, ушбу қарорга Пахта Банк узоқни кўзлаб, ўзига хос ёндашди. Мазкур қарор эълон қилингач, Пахта Банк жамоаси мева-сабзавот ҳамда чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантиришга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларини ҳар томонлама ўрганиб, уларнинг орасида энг истиқболлиларини танлаб олиб, молиялаштиришга киришди.
Қишлоқдаги ислоҳотларнинг тобора такомиллашувида, жумладан, агрофирмаларнинг ташкил топиши ва ривожланиб бораётганлиги олдинга қараб қўйилган муҳим бир қадамдир. Бу тармоқнинг ҳаётда янада мустаҳкам ўрин топишида Юртбошимизнинг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 2006 йилнинг 11 январидаги қарори муҳим аҳамият касб этди.
Пахта Банкнинг жойлардаги филиалларида, шу муносабат билан, 109 та агрофирманинг ҳисобрақамлари очилиб, ўзаро шартномалар асосида уларга хизмат кўрсатилмоқда. Агрофирмаларга ўз ишлаб чиқаришини ташкиллаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш учун 2008 йил давомида ажратилган кредит миқдори 4 миллиард 912 миллион сўмни, шу жумладан, тармоққа минитехнология ва ихчам ускуналар сотиб олиш учун берилган кредитлар қолдиғи 2 миллиард 579 миллион сўмни ташкил этди.
Банк томонидан ажратилган кредитлар асосида агрофирмаларда замонавий ускуналар ўрнатилди, банк кредити эвазига хом ашё сотиб олиниб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга эришилди, корхоналарда 200 га яқин янги иш ўринлари вужудга келди. Яна бир муҳим томони — маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорт салмоғи ортди.
Банк, айни пайтда, ўз кредитларининг белгиланган мақсадлар учун ишлатилиши устидан қатъий мониторинг олиб бораяпти. Натижада, сарфланган маблағлар кутилган самараларни бериши билан бирга, пировардида, тўла қайтарилмоқда.
Банк фермерларга ўз маблағлари ҳисобидан узоқ муддатли кредитлар ҳам ажратмоқда. Аслини айтганда, кредитларнинг мана шундай узоқ муддатлилиги ҳам мижозлар учун ўзига хос бир имтиёз ва имкониятдир. Бундай кредитлар, асосан, фермерларга ўзлари учун зарур қишлоқ хўжалик техникалари ва эҳтиёт қисмларини харид қилиши учун сарфланмоқда. 2007 йилда худди шундай мақсадлар учун 66 миллиард сўм ҳажмидаги кредит берилди. Ушбу кредитнинг 12,5 миллиардига фермерлар 108 та дон комбайни, 10,7 миллиард сўмига 459 та ҳайдов трактори, 16,8 миллиард сўмига 897 та чопиқ трактори, 26 миллиард сўмига турли хил тиркамалар ва эҳтиёт қисм¬ларни харид қилдилар.
Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда Agrominitech Expo кўргазма-савдолари ташкил этиб борилмоқда. Ушбу кўргазма-савдоларида Пахта Банк мижозлари бўлган фермер хўжаликлари ҳам иштирок этишиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш минитехнологияларини олиб келиш учун шартномалар имзолашди. Ҳозирги кунга қадар Agrominitech Expo-2007 кўргазма-савдоларида фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш (мева-сабзавот қуритиш ва қадоқлаш, сутни қайта ишлаш ва ҳ.к.) мақсадида ишлаб чиқилган 672,4 миллион сўмликдан ортиқроқ 99 та лойиҳа молиялаштириб берилди.
Булардан ташқари, Agro¬mini¬tech Expo-2007 кўргазма-савдоларида қишлоқ хўжалик техникалари учун имзоланган 1974,9 миллион сўмлик шартномалар ҳам молиялаштирилди. 2008 йилда Agrominitech Expo кўргазма-савдосида имзоланган шартномалар ҳам молиялаштирилмоқда.
Банк қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун барча манбалардан, шу жумладан, чет эл кредит йўналишларидан самарали фойдаланаяпти.
2007 йилнинг инвестиция дастурига кўра, Халқаро Тикланиш ва Тараққиёт банкининг “Қишлоқ хўжалик корхоналарини қўллаб-қувватлаш” ҳамда Осиё Тараққиёт банкининг “Дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш” ва “Аму-Занг машина канали тизимини тиклаш” лойиҳалари иштирокида қишлоқ хўжалик корхоналари ва уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларга кредитлар ажратилди. Республика Молия вазирлиги, ижрочи агентликлар ҳамда Пахта Банк ўртасида тузилган қайта кредитлаш шартномаларига биноан, 5 миллион 525 минг АЈШ доллари миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди. Кредит олган 193 нафар мижоз 327 та қишлоқ хўжалик техникаси ва агрегати, шу жумладан, Германиянинг “Клаас” компанияси ишлаб чиқарган 7 та “Доминатор-130” русумли дон комбайни ва Япониянинг 7 та “ХИТАЧИ” экскаваторини харид қилди.
Жорий йил учун мўлжалланган инвестиция дастурининг ижросига ҳам Пахта Банк имкон қадар салмоқли ҳисса қўшишни режалаштирган. Шу мақсадда банк жами 2 миллион 979 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Бу маблағ, жумладан, Осиё Тараққиёт банкининг “Дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш” лойиҳасига 1 миллион 974 минг АҚШ доллари, “Аму-Занг машина канали тизимини тиклаш” лойиҳаси учун 1 миллион 5 минг АҚШ доллари миқдорида тақсимланди.
Банк — Осиё, Тинч океани қишлоқ хўжалигини кредитлаш ассоциацияси (АПРАКА) ҳамда қишлоқ хўжалигини кредитлаш халқаро конфедера¬цияси (КИКА)нинг ҳам тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. 2006 йил охирида пойтахтимизда ана шу халқаро молиявий ташкилотларнинг тадқиқот ўтказиш тузилмалари директорлари семинар ташкил этди. Ушбу семинарда Пахта Банк томонидан фермер хўжаликларига берилаётган имтиёзли кредитлар мамлакат қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим омил бўлаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Кичик бизнесга самарали кредитлар
Мамлакатимизда йил сайин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни муттасил ривожлантириб боришга кенг йўл очилаяпти. Бу ислоҳот йўналишига Пахта Банк ўз кредитлари билан самарали ҳисса қўшмоқда.
Ҳозирги кунда ушбу банк ва унинг филиаллари хизмат кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари сони 115 мингга яқинлашиб қолди. 2008 йилнинг олти ойи давомида Пахта Банк уларга ўз маблағлари ҳисобидан 25 миллиард 300 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратишни режалаштирган эди. Бугунга келиб, хусусий тадбиркорларга тааллуқли 18072 та лойиҳа молиялаштирилди ва шу мақсадлар учун берилган кредитларнинг умумий миқдори 35 миллиард 55 миллион сўмга етди.
Бу кредитлар қандай самара бермоқда? Буни қуйидаги рақамлар ўзида яхши ифодалайди: йил давомида банк кредитлари ҳисобидан яратилган иш ўринлари сони 12 минг 969 тага кўпайди. Кредитлар эвазига ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 30 миллиард 990 миллион сўм қўшимча даромад келтирди.
Банк Президентимизнинг “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларни кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2006 йилнинг 23 мартдаги қарори ижросини таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 329 миллион сўм, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 1 миллиард 296 миллион сўм, жами 4 миллиард 625 миллион сўм кредит ажратилиб, белгиланган кўрсаткич 120 фоиздан ошириб бажарилди. Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантиришга қаратилган банк кредитлари самара бериб, бугун қишлоқларимизда қорамол боқиш билан банд бўлганлар фуқаролар сони анча ошди.
Шунингдек, банк Президентимизнинг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг ана шу Фармон ижросини таъминлаш чора-тадбирларига доир қарори ижросини таъминлаб бориб, республикада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан бир қатор ишларни амалга оширди. Ҳозирги кунда Пахта Банк тизимида 12761 нафар тадбиркор аёл ўз ҳисоб рақамини очиб, фаолият юритиб келмоқда. Шундай мақсадлар учун банк томонидан 2007 йилда 9 миллиард 894 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Пахта Банк халқаро молия институтлари кредит йўналишлари ҳисобидан ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига катта мадад кўрсатмоқда. Чунончи, Германиянинг “КФВ” банки кредит йўналишининг 4,2 миллион евро миқдоридаги маблағи ҳисобига 6 та лойиҳа, Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки кредит йўналишининг 11,8 миллион АҚШ доллари эвазига 17 та ҳамда Осиё Тараққиёт банки кредит йўналишининг 14,9 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги маблағи манбаида 17 та лойиҳа молиялаштирилди.
Банк, айни пайтда, кичик бизнес корхоналарини модернизациялаштиришга қаратилган кредитлар миқдорини ҳам кўпайтираяпти. Чунончи, “Бухоро Гилам” Ўзбекистон — Британия қўшма корхонаси банкнинг модернизациялаштириш мақсадига йўналтирилган 1,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитига мушарраф бўлди. Маҳаллий хом ашёдан импорт ўрнини босувчи макарон маҳсулотлари чиқаришга ихтисослаштирилган “Тўхтаниёз ота” фермер хўжалигига эса, реконструкция мақсади учун банк томонидан 103,6 минг АҚШ долларилик кредит ажратилди.
Германиянинг “Ландес” ва “Хипоферайнс” банклари билан тузилган яна бир битимга асосан, “Ройсон вайт гудс” қўшма корхонасига — экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босувчи кир ювиш машинаси ҳамда музлаткичлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳаси учун — “Хипоферайнс” банкининг кредит йўналишидан 3 миллион евро миқдорида маблағ ажратилди.
Умуман олганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг банк томонидан хорижий кредит йўналишлари ва ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган инвестиция лойиҳалари сони 51 тага етди. Натижа эса қувонарли: ҳозирги кунда ушбу лойиҳалар амалга оширилган корхоналарда йилига 10,1 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, бу корхоналарда 1654 та қўшимча иш ўринлари яратилди.
Маълумки, кучли ижтимоий сиёсат — мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг устувор жиҳатларидан бири. Агар Пахта Банк фаолиятига назар ташласак, халқ¬ни ижтимоий ҳимоялаш анча самарали ва фаол шаклларда намоён бўлаётганлигига ишонч ҳосил қиламиз. Ахир фермерларга, кичик бизнес субъектларига, хусусий тадбиркорларга ўз ишини ривожлантиришлари учун Пахта Банк томонидан кўрсатилаётган молиявий кўмак, турли хил кредитлар — булар ижтимоий ҳимоянинг энг фаол ва тараққиётимиз учун ғоятда фойдали шакллари-ку?! Иши оёққа босиб кетган тадбиркор бу борада ўз вақтида ўзига энг зарур мададни кўрсатган банкдан бир умрга миннатдор бўлади. Пахта Банк ана шундай ҳимматли
банклардан биридир.
Банкнинг хайрли хизматларидан яна бири шуки, у хал¬қимизнинг ёш авлоди эҳтиёжи ва масъулиятларига ҳам ҳар тарафлама мададкор бўлиб келяпти. 2007 йилда Президентимизнинг “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Пахта Банк Юртбошимизнинг ушбу ғоятда олижаноб мазмун-моҳиятли фармонидаги вазифалар ижросига биринчилардан бўлиб киришган банкларимиздан биридир. Ўтган йили банк ва унинг жойлардаги филиаллари томонидан ёшларга истеъмол талаб-эҳтиёжлари учун, шу билан бирга, ёш оилаларнинг шинам уй-жойларга эҳтиёжларини имкон қадар тўлароқ таъминлаш мақсадида жами 23 миллиард 992 млн. сўмликдан зиёд истеъмол ва ипотека кредитлари ажратилди. Шу жумладан, республика Адлия вазирлигида рўйхатга олинган “Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга имтиёзли кредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга биноан, юзлаб ёш оилалар 1 миллиард 85,5 миллион сўм миқдорида микрокредитлар билан таъминланди.
Пахта Банк аҳолининг барча қатламларига кўрсатилаётган намунали молиявий
хизматлари билан элимизда каттаю кичикнинг ишончини тобора чуқурроқ қозонмоқда.
Аҳолига хизмат ривожланмоқда
Пахта Банк, молиявий фаолияти ривожлангани сайин, аҳолига хизматнинг янги-янги турларини таклиф этмоқда. Жумладан, кейинги йилларда ушбу молия муассасасида ¬халқимизнинг озиқ-овқат ва бошқа халқ истеъмол молларига бўлган талабини кенгроқ қондириш, қишлоқ шароитида машиий хизмат турларини равнақ топтиришни кредитлаш борасида бир қатор хайрли ишлар бажарилмоқда. Масалан, янги савдо шохобчаларини ташкил этиш, фаолият юритаётган савдо корхоналарини озиқ-овқат ва бошқа турдаги халқ истеъмоли моллари билан тўлдириш учун Пахта Банк томонидан тадбиркорларга тобора салмоқли ҳажмларда молиявий кўмак бериб келинмоқда. Жорий йилнинг олти ойи давомида банк филиаллари савдо корхоналарига ажратган кредитлар миқдори ўтган йилнинг шу пайтдагига нисбатан 2,5 баробарга ўсди. Пировардида, Пахта Банк мижозлари бўлмиш савдо ташкилотларининг пештахталарида маҳсулот тури кўпа¬йиб бормоқда, шунга яраша нақд пул тушуми ойдан-ойга ошмоқда.
Шу билан бирга, банк, асосан, қишлоқ жойларда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш маҳсулотларига ҳам кўплаб кредитлар ажратаяпти. Бу борада амалга ошираётган ишлар самарасини аниқ мисоллар орқали кўришимиз мумкин.
— Биз Пахта Банкдан 10 миллион сўм имтиёзли кредит олган эдик, — дейди Олтинсой туманида фаолият юритадиган «Хўжасоат ирмоғи» хусусий корхонаси раҳбари Раҳмат Ортиқов. — Банкдан олган кредитимиз ҳисобидан 6 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозирда қишлоқ аҳолисига сартарошлик ва тикувчилик хизматларини кўрсатмоқдамиз. Ўтган вақт мобайнида корхонамизда 2 миллион сўмдан кўпроқ пул айланмасига эришилди ва банкка кўпроқ пул топширилаяпти.
Дарҳақиқат, Пахта Банк тобора республикамизнинг энг чекка қишлоқларигача кириб бормоқда. қишлоқ жойлардаги аҳолини иш билан таъминлаш, фаровонлигини оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётир.
Мазкур хайрли ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Банк тизимини янада ривожлантириш ва бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Нақд пул маблағларини жалб қилиш ва унга бўлган эҳтиёжни таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
* * *
Пахта Банк таркибий-ташкилий тузилмаси йил сайин такомиллашиб, иқтисодий салоҳияти тўхтовсиз мустаҳкамланиб бораётган молия муассасаларидан биридир. Ушбу банк жойларда замонавий техника ва технология билан жиҳозланган корхоналарни барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда касаначиликни ривожлантириш мақсадларига мунтазам равишда етарли миқдорда маблағлар ажратиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлаш ва ¬халқимиз турмуш даражасининг муттасил фаровонлашиб боришига тобора самарали хизмат қилаверади.
Михли САФАРОВ тайёрлади.